Ру En O'z
6 Май 2023 1121

Спортимиз фахрийлари ҳамиша эътиборда

Ҳар бир байрамлар олдидан ўзбек спорти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш анъанаси йўлга қўйилган. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши ва ҳомийлар томонидан яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан бир гуруҳ фахрийлар рағбатлантирилди.

Миллий Олимпия қўмитасида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, Баҳодир Махситов бошчилигидаги спорт фахрийлари иштирок этган тадбирда спортимиз дарғаларининг ҳаёт йўли ёдга олиниб, улар қолдирган кучли мактаб, орттирган улкан ҳаётий тажрибалари алоҳида эътироф этилди. Учрашув давомида умргузаронлик қилаётган ҳар бир спорт фахрийсини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга моддий кўмак кўрсатилди.

Шундан сўнг маросимнинг бадиий қисми «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг ресторанида давом этди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳам иштирок этиб, фахрийларимизга ўзининг самимий тилакларини йўллади. Тадбир давомида фахрийлар учун дастурхон ёзилди. Давлатимизнинг бундай ғамхўрлигидан миннатдор бўлган ўзбек спортининг дарғалари юртимиз осойишталиги ва тинчлигимиз учун қўлларини дуога очишди.

Text to speech