Камончиларимиз Осиё кубогини иккита бронза медали билан якунлашди
Тошкентда камондан отиш бўйича Осиё кубогининг иккинчи босқичи ўз якунига етди. 5 кун давом этган беллашувларда 13 давлатдан 100 нафар спортчи ўз маҳоратларини намойиш этишди. Эътиборлиси, мусобақа якунида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 2 та бронза медалига сазовор бўлди.
Зиёдахон Абдусатторова, Зебинисо Абдусатторова, Нилуфар Ҳамроевадан иборат трио жамоавий дастурда, Зиёдахон Абдусатторова ҳамда Амирхон Содиқов жуфтлиги эса микст дастурида шоҳсупага кўтарилишди. Афсуски, жамоавий дастурда бронза медали учун баҳс олиб борган йигитларимиз ва Зиёдахон Абдусатторованинг яккалик йўналишидаги чиқиши омадсиз якунланди.
Бронза медали учун:
Аёллар: Ўзбекистон – Грузия 6:0
Микст: Ўзбекистон – Қозоғистон 6:2
Эркаклар: Ўзбекистон – Қозоғистон 1:5
Яккалик: Зиёдахон Абдусатторова – Циаолейи Янь (Хитой) 3:7
Мусобақанинг финал беллашувларини МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам кузатиб борди. Ойбек Омилович якунда тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этиб, Осиё камондан отиш федерацияси мутасаддилар билан ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичлари юзасидан фикр алмашди.