Ру En O'z
5 Май 2023 1466

“Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди

14 май куни Тошкентда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги “Мен ғолиб” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Шу муносабат билан Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг анжуманлар залида мусобақага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, мусобақа ташкилий қўмитаси вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Оммавий югуриш мусобақаси Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, бош ҳамкор – “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти кўмагида ташкил қилинмоқда. “Мен ғолиб” мусобақаси анъанавий равишда муҳим давлат саналари – Ватан ҳимоячилари куни, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунини нишонлашга бағишланган ҳолда ўтказилади.

Куч ишлатувчи тузилмалар ходимлари, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари, спорт клублари аъзолари ва фаол ҳаёт тарзини маъқулловчи кўнгиллилар йилига икки маротаба жамоавий ҳамда шахсий йўналишда ўтадиган ушбу пойгада қатнашиб келишмоқда.

Ушбу мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли ўртасида югуриш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ҳарбий хизматчилардаги спортча руҳни сақлаш ва улар орасидаги дўстона алоқаларни ривожлантириш, куч ишлатувчи тузилмалар идораларининг вакиллари орасидан энг кучли жамоаларни аниқлашга қаратилган. 14 май кунига белгиланган тадбир 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланиб, старт-финиш нуқтаси «Ҳумо арена” мажмуасининг олдидаги майдонга белгиланган.

Расмийлар анжуман давомида мусобақа йилдан йилга куч ишлатувчи тузилмалар ва югуриш ҳаваскорлари орасида катта қизиқиш уйғотаётганини алоҳида қўшимча қилишди. Жумладан, режага кўра ушбу спорт тадбири илк маротаба 2000 га яқин иштирокчини бирлаштиради. Мусобақа дастури ҳам кенгайтирилди ва унга 3 та масофа қўшилди: ярим марафон – 21,1 км, чорак марафон - 10,5 км ва 3 кмга югуриш. Пойгаларга 14 май куни 07:00 да старт берилади.

“Мен ғолиб” кубогини қўлга киритиш учун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси вакилларидан иборат 7 та жамоа ҳамда куч ишлатувчи тузилмалар таълим муассасаларининг 6 та жамоаси кураш олиб боради.

Мусобақада қатнашиш истагини билдирган барча югурувчилар 10 майга қадар Iticket.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Шунингдек, пойга шартлари билан батафсил Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг сайтида танишиш имконияти мавжуд.

Text to speech