Ру En O'z
4 Май 2023 1869

“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик хорижлик экспертлар билан муҳокама қилинди

Шу кунларда Германия Олимпия спорт конфедерацияси қошидаги тиббий экспертлар қўмитаси раҳбари Кристиан Шнайдер ва йирик комплекс мусобақаларни ўтказиш бўйича улкан тажрибага эга эксперт, менежер Вадим Ахмадиев пойтахтимизда бўлиб туришибди. Ташрифдан кўзланган мақсад 2025 йил Тошкентда ўтадиган ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишда Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқишдир. Шу мақсадда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов экспертлар билан учрашув ўтказди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов ҳам иштирок этишди.

Учрашув давомида “Тошкент-2025” ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишда жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланиш, Ўзбекистонда спорт тиббиёти тизимини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, В.Ахмадиев 2017 йил Туркманистонда ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, ўша йили Озарбайжонда ўтган Ислом бирдамлиги ўйинлари, 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари, 2021 йил сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионати ва бошқа кўплаб нуфузли мусобақаларда менежер сифатида ишлаган.

Адҳам Илҳамович бўлажак Ўйинларга тайёргарлик кўриш шахсан Давлатимиз раҳбари томонидан назорат қилинаётгани, шу боис уни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги ҳақида тўхталди. Суҳбат давомида мусобақа дастурига киритилиши кўзда тутилган спорт турлари муҳокама қилиниб, улар ўтказиладиган ареналар, беллашувлар кунлари кўриб чиқилди.

Text to speech