Ру En O'z
3 Май 2023 1251

Жаҳон чемпионати олдидан дзюдочиларимиз билан матбуот анжумани ўтказилди

7-14 май кунлари Доха шаҳрида дзюдо бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоасининг бир қисми эртага Қатар пойтахтига йўл олади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур чемпионатга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Илиас Илиадис бошчилигидаги терма жамоа мураббийлар штаби, спортчилар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Азизжон Якубжанович даставвал терма жамоанинг умумий тайёргарлиги ҳақида тўхталар экан, ҳукуматимиз томонидан бу борада барча шароитлар яратиб берилгани, спортчиларимиз дунё биринчилигига сўнгги тайёргарликни Туркия ва Япония йиғинларидан кейин Самарқандда ўтказишгани ҳақида гапирди. Шунингдек, МОҚ раиси ўринбосари мамлакатимизда дзюдо спортининг оммавийлигини янада ошириш мақсадида қилинаётган ишлар, республикамиздаги янги очилган мактабларда шуғулланаётган ёшларнинг сони 2 минг нафардан ортгани хусусида ҳам тўхталди.

Терма жамоа бош мураббийи И.Илиадис эса Давлат Бобонов жароҳати сабаб ушбу дунё биринчилигида иштирок эта олмаслиги, қолган спортчиларнинг тайёргарлиги юқори даражада эканини маълум қилди. Спортчилар номидан Давлат Бобонов сўз олиб, жамоадошларининг ҳолати аъло даражада экани, ўзининг саломатлиги ҳам барқарор тикланиб бораётгани хусусида гапирди. Шунингдек, Диёра Келдиёрова дзюдочи қизларимиз ҳам ушбу дунё биринчилигидан медаллар билан қайтишни мақсад қилишганини қўшимча қилди.

Анжуман давомида ОАВ ходимлари атлетларимизнинг руҳий ва жисмоний ҳолати, бу йил кутиб турган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва бошқа турнирларга тайёргарлиги бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.

Тадбир якунида Азизжон Камилов Ўзбекистон дзюдо оиласи номидан Тошкентда ўтаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзоларига омад тилади.

Text to speech