Ўзбекистоннинг 2022 йилги энг яхши аёл спортчиси Светлана Осиповани табриклаймиз!
Бугун таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпиони Светлана Осипова таваллуд айёмини нишонламоқда.
Светлана Осипова 2000 йил 3 май куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. Қаҳрамонимиз аёллар ўртасида энг юқори вазн тоифасида (+73 кг) қатор ғалабаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2017 йил (Туркманистон) Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида кумуш, Бокуда ўтган Ислом бирдамлиги ўйинлари ҳамда 2018 йил Индонезиядаги Осиё ўйинларида бронза медали соҳибига айланди. Маҳоратли таэквондочимиз 2019 йил Япониянинг Чиба шаҳрида ўтказилган Гран-при турнирида ҳам шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлган. Токио-2020 Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
2022 йил атлетимиз учун анча сермаҳсул ўтди. Жумладан, Жанубий Кореяда ўтган Осиё чемпионатида бронза, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинлари ва Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Шу тариқа Осипова ўзбекистонлик таэквондочи қизлар орасида жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган биринчи спортчига айланди. Йил якунида эса “Ўзбекистоннинг энг яхши аёл спортчиси” номига лойиқ кўрилди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Светлана Осиповани таваллуд айёми билан табриклаб, унга сиҳат-саломатлик ва янада улкан муваффақиятлар тилаб қолади.