Ру En O'z
2 Май 2023 1041

“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига ҳар бир йўналишда пухта тайёргарлик кўрилади

Яқинлашиб келаётган “Тошкент-2025” ёшлар ўртасидаги IV Осиё ва V Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришда жаҳон тажрибасини ўрганиш устувор масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозирда барча йўналишларда тажрибали экспертлар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувларга эришилмоқда. Бугун мана шу йўналишлардан бири доирасида германиялик тиббиёт соҳаси мутахассиси Кристиан Шнайдер билан учрашув ўтказилди. Меҳмонни Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов қарши олди.

Маълумот учун, Кристиан Шнайдер тиббиёт фанлари доктори, Германия Олимпия спорт конфедерациясининг тиббий экспертлар қўмитаси раҳбари ҳисобланади. Самимий руҳда кечган суҳбат давомида пойтахтимизда ўтадиган нуфузли мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўришда Европа, хусусан, Германия тажрибасини ўрганиш асосий мавзулардан бирига айланди.

Шунингдек, ёш спортчиларимизни ушбу Осиё ўйинларига тайёрлашда тиббиёт йўналишида аҳамият қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар бўйича ҳам суҳбат олиб борилди. Қолаверса, мазкур йўналишда федерация ва ассоциацияларда фаолият олиб бораётган шифокорларни тайёрлаш йўналишига ҳам аҳамият қаратилди.

Меҳмон ташрифи давомида Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида ҳам бўлиб, ташкилот фаолияти билан яқиндан танишди. Марказ раҳбари ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, ҳамкорликнинг дастлабки йўналишлари бўйича фикр алмашди.

Кристиан Шнайдер ташрифи давомида мамлакатимиздаги спорт тиббиётининг бугунги ҳолатини яқиндан ўрганиши ва таҳлил қилиши, шу асосда келгуси ишлар учун режалар тузиб чиқишда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.

Text to speech