Чавандозларимиз Жаҳон кубогининг финал босқичи сари дадил қадам ташлашди
Пойтахтимизда конкур бўйича икки босқичдан иборат Жаҳон кубогининг Евросиё лигаси саралаш баҳслари ва “Maxima Master EURASIA CUP” мусобақалари якунланди. Кўплаб халқаро экспертлар диққат-марказида бўлган нуфузли мусобақа ўзбекистонлик чавандозларнинг ғалабаси билан ниҳоясига етди.
Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги дастурида 11 мамлакат вакиллари жамоавий йўналишда ғолиблик учун кураш олиб боришди. Муросасиз баҳсларга бой чиқишларда ҳамюртларимизга тенг келадигани топилмади. Беллашувларда бир вақтнинг ўзида терма жамоа бош мураббийи ҳисобланувчи Бекзод Қурбонов (“Маттс VG”, лақабли отда), шунингдек, Хуршидбек Алимжонов (“Чемпионс Лига”), Аъзам Толиббоев (“Бозарт Де Руэт”) ва Нуржан Туякбаев (“Квинтус HB”) юртимиз шарафини ҳимоя қилишди. Баҳсларда иккинчи ўрин Қирғизистон, учинчи ўрин эса Қозоғистон терма жамоаларига насиб этди.
Қувонарлиси, 150 смли тўсиқлардан иборат “Maxsima Masters Eurasia Cup Tashkent 2023” дастурида ҳам энг кўп очко жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси яна бир чемпионликни тантана қилди. Ҳамюртларимиз ғалаба учун кечган шиддатли беллашувларда Россия термасини ортда қолдиришди.
Қайд этиш жоиз, Миллатлар кубоги йўналиши Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичига йўлланма беради. Келгуси 2 босқичдаги ғалаба юртдошларимизга навбатдаги финал эшикларини очади.