Ру En O'z
29 Апрель 2023 1110

Америкалик мутахассис иштирокида сузиш мураббийларига семинар ўтказилмоқда

Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) билан ҳамкорлик асосида амалга оширилаётган лойиҳалардан яна бири йўлга қўйилди. Бугундан Ўзбекистон сузиш федерациясида ёш сузувчилар билан ишлаётган маҳаллий мураббийлар учун “Learn to Swim Program” (“Сузишни ўрганиш дастури”) номли семинар бошланди.

Бутунжаҳон сузиш федерацияси шафеълигида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда мамлакат сузиш федерацияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур лойиҳада юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб бораётган 25 нафар мураббий иштирок этяпти. Семинар сузиш оламидаги етакчи экспертларидан бири, юқори малакали мутахассис, америкалик Генадиус Соколовас томонидан олиб борилмоқда.

Режага кўра, баъзи дарслар семинарда қатнаша олмаётган вилоятлардаги мутахассислар учун онлайн кўринишда ҳам олиб борилади. Ўқув курси энг сўнгги методика ва қўлланмалар фойдаланган ҳолда назарий ҳамда амалий машғулотларни ўз ичига олади. Мазкур семинар 4 майга қадар давом этади ва ундан сўнг яна олти кунлик курсни ўз ичига олган иккинчи босқич ўтказилади.

Text to speech