Бугун ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги ёрқин вакили, Хиросима-1994 Осиё ўйинлари қаҳрамонларидан бири Игорь Шквирин 60 ёшни қарши олмоқда.
Игорь Анатольевич Шквирин 1963-йилнинг 29-апрель санасида Тошкентда таваллуд топган. Фаолияти давомида мамлакатимизнинг бир қатор клубларида сермаҳсул ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган. “Пахтакор” ва “Янгиер” клубларида, шунингдек, Россия, Украина, Исроил, Малайзия, Ҳиндистон чемпионатларида ҳам муваффақиятли ўйинлари билан ёдда қолган. 1994-йил Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг тарихий чемпионлигига муносиб ҳисса қўшган. Ҳозирда мураббийлик билан шуғулланаётган қаҳрамонимиз давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Игорь Анатольевични бугунги юбилей айёми билан қутлаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.