Ру En O'z
26 Апрель 2023 1180

Тошкент яна дунё спорти жамоатчилигининг диққат марказида

Пойтахтимиз 27-30 апрель кунлари енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионати, 29 апрель – 5 май кунлари камондан отиш бўйича Осиё кубогининг иккинчи босқичи, 30 апрель – 14 май кунлари бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида мазкур мусобақаларга олиб борилаётган тайёргарлик ҳолатини ўрганиш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Тадбирни вазир Адҳам Икрамов олиб борар экан, барча турнирларни юқори савияда ўтказиш, бу орқали бутун жаҳонга мамлакатимизнинг йирик спорт тадбирларини юқори савияда ўтказа олишини яна бир карра кўрсатиш лозимлигини таъкидлади. Йиғилишда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, шунингдек, федерациялар масъуллари, Республика олий спорт маҳорати мактаблари вакиллари, ЎзМТРК, тегишли ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари иштирок этишди.

Йиғилиш давомида юртимизга ташриф буюрадиган хорижлик меҳмонларга яратиладиган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш, беллашувларни трансляция қилиш каби мавзулар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Қолаверса, мусобақаларда атлетларимизнинг юқори натижаларни қайд этишлари ҳам аҳамиятли экани алоҳида таъкидланди.

Адҳам Илҳамович учрашув якунида ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб, иш самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.

Text to speech