Ру En O'z
25 Апрель 2023 1698

“Ҳумо арена”да тайёргарлик авжида

Бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини қабул қиладиган “Ҳумо арена” муз саройида айни пайтда қизғин тайёргарлик жараёни давом этмоқда. Бугун МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов аренага ташриф буюриб, жараённи кўздан кечиришди.

Ҳозирда аренада монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг дунёнинг энг кучли боксчиларини аниқлаб берадиган ринглар жойлаштирилади. Регламентга кўра, жанглар 2 та рингда ўтказилади. Мутасаддилар тайёргарлик жараёнини кўздан кечиришар экан, барча иш ўз муддатида аъло даражада якунланган бўлиши лозимлигини, меҳмонлар ва томошабинлар учун қулай шароит яратиш муҳимлигини таъкидлашди.

30 апрель куни аренада дунё биринчилигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Ўрганиш ишлари давомида маросим дастури ва бошқа йўналишлар ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, иш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Text to speech