Евросиё лигасининг Гран-при дастури чавандозларимизнинг ғалабаси билан якунланди
Пойтахтимизда конкур бўйича “Eurasia league Tashkent 2023” турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида спортчилар асосий йўналиш бўлмиш Гран-при дастурида баҳс олиб боришди. Қувонарлиси, баландлиги 150 смни ташкил этган тўсиқлардан сакраш йўналишида барча совринли ўринлар ҳамюртларимизга насиб этди. Беллашувлар якунида олтин медални тажрибали чавандозимиз Бекзод Қурбонов қўлга киритди. “Мatts V.G.” тулпорида иштирок этган Қурбонов масофани 90.93 сония ичида жарима очколарисиз босиб ўтишга муваффақ бўлди.
1. Бекзод Қурбонов (Ўзбекистон) – “Мatts V.G.” (лақабли от)
2. Саидамирхон Турғунбоев (Ўзбекистон) – “Calleko”
3. Нуржан Туякбаев (Ўзбекистон) – “Quintus HB”
Қайд этиш жоиз, мусобақанинг яна 3 босқичида ҳам юртдошларимиз ғалаба қозона олишса, яна бир бор келаси йил ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичига йўл олишади. Аҳамиятлиси, мусобақанинг иккинчи босқичига ҳам пойтахтмиз мезбонлик қилиб, беллашувлар 27-30 апрель кунлари ўтказилади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясини биринчи босқичдаги ғалаба билан қутлаб, спортчиларимизга келгуси беллашувларда ҳам омад тилайди.