Ру En O'z
23 Апрель 2023 1337

МОҚ раҳбарияти жаҳон чемпионати иштирокчиларининг тайёргарлигини кўздан кечирди

Тошкент мезбонлик қиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига тайёргарлик қизғин паллада. Мусобақадан аввал пойтахтимизга ташриф буюрган бир қатор терма жамоалар Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида сўнгги машғулотларни ўтказишмоқда. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов РОПСТТМга ташриф буюриб, терма жамоаларга яратилган шароитларни кўздан кечиришди. 

МОҚ раҳбарияти ташриф давомида ҳамюртларимизнинг машғулотларини кузатиш баробарида Ҳиндистон, Сурия каби терма жамоа аъзолари билан учрашишди. Суҳбат давомида меҳмонларнинг шароитлари билан танишдилар. Шундан сўнг терма жамоалар ўртасидаги спарринг жангларини ҳам томоша қилиб, юртдошларимизнинг тайёргарлигини яқиндан кўздан кечиришди. 

Қайд этиш жоиз, Сурия термаси ушбу жаҳон чемпионатига Осиё Олимпия кенгаши билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳа асосида тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу жамоа аъзолари билан суҳбатда Ўзбекистон томони суриялик боксчиларнинг келгуси мусобақаларга ҳозирлик кўришида ҳам ёрдам беришга тайёр эканини билдирилди. 

Маълумот учун, 30 апрель – 14 май кунлари бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида 100 дан ортиқ давлатдан 600 нафардан зиёд боксчи иштирок этади.

Text to speech