Қирғизистондаги йиғинни муваффақиятли ўтказган бешкурашчиларимиз қайтиб келишди
Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилоятида жойлашган “Долен” спорт комплексида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини ўтказиб қайтди. Ҳамюртларимиз йиғин давомида Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон терма жамоалари билан улкан тажриба тўплашди.
Ушбу йиғин орқали ёш атлетларимизнинг маҳоратини ошириш, 2023-йил кутиб турган халқаро мусобақаларга тайёрлаш кўзда тутилган эди. Спортчиларимиз машғулотлар давомида қиличбозлик бўйича ўтган синов мусобақаларида қатнашиб, юқори натижаларни қайд этишди. Хусусан, Олимпиада чемпиони Александр Лисун (Россия) ва бошқа кўплаб жаҳон спортининг таниқли вакиллари иштирокида ўтган машқлар ҳамюртларимиз учун катта мактаб бўлди. Базанинг денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашгани бешкурашчиларнинг жисмоний тайёргарлигини янада кучайтиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси 20 кун давом этган ушбу йиғин якунига ижобий хулоса берди. Спортчилар унда олган тажриба ва малакаларини 2023 йил ўтадиган маҳаллий ва халқаро мусобақаларда кўрсатишади.