21 Апрель 2023
676
Жаҳон чемпионатидан аввал Ўзбекистон ва Куба термалари ўртасида спарринг жанглари ташкил этилди
Роппа-роса 10 кундан сўнг Тошкентда бокс бўйича эркаклар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати старт олади. Айни пайтда мазкур мусобақада иштирок этадиган терма жамоалар сўнгги тайёргарлик жараёнини ўтказмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон терма жамоаси ва бокс оламида катта мавқега эга бўлган Куба жамоаси иштирокида қўшма машғулот ташкил этилди. Спортчилар енгил чигалёзди машқларини ўтказгач спарринг жанглари ҳам бўлиб ўтди. Қайд этиш жоиз, мазкур жараённи МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов ҳам диққат билан кузатиб борди.
Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни ҳар бир вазн тоифасига қуръа ташланиб, тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилади. Жангларга 1 май санасида старт берилади.