Иссиқ-кўл йиғини якунига етмоқда
Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Иссиқ-кўлдаги (Қирғизистон) халқаро ўқув-машғулот йиғини ниҳоясига етмоқда. Ёш спортчилардан иборат жамоамиз йиғинда Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон термаларининг маҳоратли атлетлари билан тажриба алмашишяпти. Машғулотлар якунида қиличбозлик бўйича эркаклар, аёллар ва ёшлар тоифасида назорат мусобақаси ташкил этилди.
Баҳслар ҳамюртларимизнинг маҳорати анча ошганини кўрсатди. Ёш йигитлар тоифасида Дониёр Раҳимов, Садриддин Қобилжонов, Аслиддин Бахтиёров мос равишда кучли учликдан жой олишди. Раҳимов катталар баҳсида тўққизинчи кўрсаткични қайд этган бўлса, Самира Абзалова аёллар ўртасидаги беллашувларда кучли бешликдан жой олди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, спортчиларимизнинг Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига кўраётган тайёргарлиги режа асосида давом этмоқда. Режага кўра замонавий бешкурашчиларимизнинг келгуси йиғини Европада ўтади.