Қўқонда Тўланбой полвон хотирасига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилади
6-7 май кунлари Қўқон шаҳрида ўзбек миллий ўйинларининг тарғиботчиси, таниқли полвон Тўланбой Қурбонов хотирасига бағишлаб анъанавий спорт турлари бўйича хотира турнири ўтказилади. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Қўқон шаҳар ҳокимлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Спорт фахрийлари кенгаши ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ушбу мусобақага қизғин ҳозирлик кетмоқда. Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов Қўқонга ташриф буюриб, шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов билан мазкур мусобақани юқори савияда ташкил этиш бўйича учрашув ўтказди.
Тўланбой Қурбонов ҳаётини миллий спорт турларини оммалаштиришга бахшида қилган мутахассис, чинакам соҳа фидойиси эди. Суҳбат давомида бўлажак мусобақани ўтказиш баробарида Тўланбой полвондек фахрийларнинг номини сақлаб қолиш, уни келгуси авлодга етказиш каби мавзуларда ҳам сўз борди.
Қайд этиш жоиз, бу каби оммавий спорт тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Этноспорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-259-сон Қарори ижросини таъминлаш, ёшларга кўп йиллик қадриятларимизни ўзида жамлаган миллий ўйинларимизни етказиш борасида муҳим қадам ҳисобланади.