Ру En O'z
13 Апрель 2023 1044

Тошкент волейбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёрланмоқда

Жорий йилнинг 20-30 июль кунлари пойтахтимиз волейбол бўйича U-16 ёш тоифасидаги қитъа биринчилигига мезбонлик қилади. Мазкур мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик ишлари билан танишиш учун Осиё волейбол конфедерацияси (AVC) мусобақаларни ташкил қилиш ва назорат қилиш комиссияси директори Эом Хо Жу ҳамда AVC Ижроия қўмитаси аъзоси Ермек Сирлибаев Тошкентга ташриф буюришди.

Даставвал меҳмонлар Ўзбекистон волейбол федерацияси мутасаддилари билан олдиндаги режаларни белгилаб олишди. Учрашувда Ўзбекистон волейбол федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, бош котиб вазифасини бажарувчи Фарҳод Алимов ва федерациянинг бошқа вакиллари қатнашишди. Ўзбекистонлик мутахассислар давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу чемпионат юқори савияда ўтказилиши, ҳозирданоқ барча керакли ишлар бошлаб юборилганини маълум қилишди. Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам Тошкентнинг бу борадаги имкониятини юқори баҳолашди.

Баҳслар “Юнусобод спорт мажмуаси” ҳамда “Универсал” спорт саройида ўтиши режалаштирилган. AVC вакиллари учрашувдан сўнг ушбу объектларни кўздан кечиришди. Ўрганиш ишлари мобайнида хорижлик меҳмонлар терма жамоалар ва бошқа расмийлар учун ажратилган меҳмонхоналар, машғулот майдонларига ҳам ташриф буюришди.

Бўлажак Осиё чемпионатида қуйидаги 15 та давлат иштирок этади: Ўзбекистон, Қозоғистон, Гонконг, Баҳрайн, Ҳиндистон, Таиланд, Австралия, Саудия Арабистони, Эрон, Япония, Хитой, Қувайт, Покистон, Мўғулистон, Хитой Таипейи.

Text to speech