АҚШдаги Жаҳон кубогида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Нуржан Туякбаев тантанали кутиб олинди
Куни кеча АҚШнинг Омаха шаҳрида ниҳоясига етган от спортининг конкур йўналиши бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нуржан Туякбаев муваффақиятли иштирок этгани ҳақида маълум қилган эдик. Ҳамюртимиз бугун пойтахтимизга қайтиб келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси мутасаддилари, спортчимизнинг яқинлари мусобақада қатнашган делегациямизни кутиб олишди. Шаҳрулло Шарипович чавандозимизни қайд этган натижаси билан самимий қутлаб, унинг келгуси иштирокларида ҳам омад тилади.
Эслатиб ўтамиз, Нуржан Туякбаев Жаҳон кубогининг финал босқичида “Ланселотта” тулпори билан иштирок этиб, кучли йигирматаликдан жой олган эди. Шу билан биргаликда, ўзбек чавандози ва тулпори биринчи марта АҚШда ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада иштирок этиб, йилқичилик ва спорти тарихида янги саҳифа очди.