Тошкент энг моҳир бадиий гимнастикачиларни чорлайди
14-16 апрель кунлари Тошкент бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичига мезбонлик қилади. Унда дунёнинг 31 мамлакатидан ташриф буюрадиган энг моҳир гимнастика усталари ғолиблик учун кураш олиб боришади.
Мусобақада Осиё чемпиони, Жаҳон кубоги босқичи ғолиби Тахмина Икромова ҳамда Осиё чемпиони Ёсмина Раҳимова яккалик баҳсларида, шунингдек, Екатерина Фетисова, Рухшона Деҳқонова, Шаҳзода Ибрагимова, Наргиза Жуманиёзова, Мумтоза Исъҳоқзода, Иродахон Содиқова гуруҳ машқида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Регламентга кўра, 14 апрель куни саралаш баҳслари ва тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 15 апрель санасида баъзи дастурларда саралаш баҳслари давом этиб, кўпкураш йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқлаб олинади. 16 апрель куни эса яккалик дастурларда шоҳсупа эгалари аниқланади.