Ру En O'z
12 Апрель 2023 1133

Ёш бешкурашчиларимиз Иссиқ-кўлдаги йиғинда катта тажриба тўплашмоқда

Айни пайтда ёш спортчилардан иборат замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилоятида халқаро ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб бераётган мазкур йиғин Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоалари иштирокида кечмоқда.

Машғулотлар олиб борилаётган база денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган. Йиғинда барча давлатлардан жами 76 нафар (40 нафар катталар, 36 нафар ёшлар) спортчи иштирок этяпти. Машғулотлар давомида турли йўналишлар бўйича ўртоқлик турнирлари ҳам ўтказиляпти. Аҳамиятлиси, ёш спортчиларимиз ушбу мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритишмоқда.

Таъкидлаш жоиз, йиғинда россиялик Олимпиада чемпиони Александр Лесун ҳам иштирок этяпти. Маҳоратли атлет машғулотлар давомида ёш бешкурашчиларимизга ўз билимлари билан ўртоқлашмоқда. Режага кўра, Иссиқ-кўлдаги машғулотлар якунига етганидан кейин терма жамоа навбатдаги йиғин учун Минск (Беларусь) шаҳрига йўл олади.

Text to speech