Ру En O'z
8 Апрель 2023 1265

Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига тайёргарлиги муҳокама қилинди

МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов таэквондо бўйича терма жамоа мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказди. Унда ортда қолган Уси “Катта дубулға” турнири якуни, олдинда кутиб турган кейинги йирик мусобақаларга тайёргарлик режалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш аввалида Ш.Ташматов Хитойда ўтган турнирда спортчиларимизнинг юқори натижа қайд этганини таъкидлади. Бироқ эндиликда янги стартларга янада катта куч билан тайёрланиш лозимлигига ҳам тўхталди. Қайд этиш жоиз, таэквондочиларимизнинг келгуси мусобақаси 29 май – 6 июнь кунлари Озарбайжонда ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлади. Ушбу чемпионат Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун энг катта рейтинг очколарини тақдим этиши боис унга алоҳида ёндашув талаб этилади. Йиғилишда унда иштирок этиши кутилаётган таркиб батафсил муҳокама қилинди.

Терма жамоа бош мураббийи Павел Хан суҳбат давомида спортчиларнинг ҳолати, дунё биринчилигига кўриладиган тайёргарлик стратегияси хусусида тўхталди. МОҚ раиси ўринбосари режани қўллаб-қувватлаб, уни самарали амалга ошириш юзасидан кўрсатма берди. Қолаверса, жаҳон чемпионатидан сўнг ўтадиган Гран-при сериялари, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига ҳам муносиб тайёргарлик кўриш бўйича қўшимча тавсияларини билдирди.

Text to speech