Ру En O'z
3 Май 2021 2307

Енгил атлетикачиларимиз Туркияда навбатдаги халқаро турнирда иштирок этишди

Туркиянинг Мерсин шаҳрида енгил атлетика бўйича навбатдаги халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда иштирок этган терма жамоамизнинг бир қатор етакчи вакиллари ғалаба қозониш баробарида жаҳон рейтингидаги поғоналарини ҳам мустаҳкамлаб оладиган бўлишди.

Кўпкурашчимиз Екатерина Воронина мусобақада 6153 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Бу билан ҳамюртимиз 28 апрель куни хитойлик Нин Шульц қайд этган Осиё қитъаси учун мавсумнинг энг яхши натижасини такрорлади.

Токио-2020 нормативи сари яқинлашиб келаётган Сафина Садуллаева бу турнирда 1.90 метр баландликни забт этди. Бу Сафина учун Олимпиада нормативлари қабул қилинадиган мавсум қайта бошлангандан бери бешинчи старт бўлди. Барча турнирларда муваффақиятли иштирок этаётган юртдошимиз пайшанба куни эълон қилинадиган янги жаҳон рейтингида кучлилар қаторидан жой олиши, шубҳасиз.

Яна бир атлетимиз Дарья Резниченко узунликка сакраш секторида 6.58 метр билан билан ғалаба қозонди. Бу Дарья учун мавсумдаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бу борада қитъадошларимиз орасида фақатгина хитойлик спортчига (6.65 метр) имконият бой берилмоқда.

Шунингдек, турнир давомида Надия Дусанова (баландликка сакраш) 1.79 метр, босқон улоқтиришда Зарина Носиржонова 62.44 метр ва уч ҳатлаб сакрашда Иван Денисов 15.41 метр кўрсаткич билан мусобақани якунлашди.

Text to speech