Ру En O'z
1 Апрель 2023 1067

Замонавий бешкурашчиларимиз йирик мусобақаларга ҳозирланишмоқда

Замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарликни давом эттирмоқда. Куни кеча ёшлар терма жамоамиз “Бўстон” дам олиш маскани ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида навбатдаги йиғинни якунлади. Машғулотлар давомида спортчилар учун конкур ва бошқа йўналишлар бўйича (қиличбозлик, сузиш, ўқ отиш ва югуриш) синов-тест мусобақаси ўтказилди. Унинг якунига кўра, Михаил Кокозиди биринчи, Шержон Аҳмедов иккинчи, Дониёр Раҳимов эса учинчи ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур синов мусобақаси мураббийлар штаби учун мавсумнинг қолган қисмида терма жамоа таркибини шакллантириб олишда ёрдам берди. Хато ва камчиликлар белгилаб олиниб, нималар устида ишлаш кераклиги қайд этилди. Эртага терма жамоа навбатдаги йиғин учун Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл шаҳрига йўл олади. Халқаро мақомда ўтадиган ушбу йиғинда Қирғизистон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия терма жамоалари ҳам иштирок этади.

Жамоа етакчиси Алисэ Фахрутдинова эса Россия Федерацияси Москва вилоятида жойлашган “Планерная” Олимпия марказида машғулотларни давом эттирмоқда. Спортчимиз 10 апрель куни Анқара шаҳрида ўтадиган Жаҳон кубогининг иккинчи босқичида иштирок этиш учун Туркияга йўл олади. Ушбу старт атлетимизга Париж-2024 лицензиялари ўйналадиган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик олдидан муҳим мусобақа ҳисобланади.

Text to speech