Ангренда фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди
Республика ишчи гуруҳининг ўрганиш ишлари давом этади. Тошкент вилоятига бириктирилган МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг бўлим бошлиғи Акром Низаметдинов бугун Ангрен шаҳрига ташриф буюришди.
Мутасаддилар ҳудуддаги ўрганиш ишлари доирасида шаҳар фуқаролари билан сайёр қабулда ҳам бўлишди. Унда ангренлик ҳамюртларимиз, хусусан, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ўрганилди. Мавжуд муаммо ва камчиликларга ечим қидирилди.
Ташриф давомида шаҳарда фойдаланишга топширилган спорт мажмуаси ҳам кўздан кечирилди. Замонавий инвентарлар билан жиҳозланган спорт зали ва сув ҳавзаси барча талабларга жавоб бериб, йилнинг исталган вақтида спортсевар ёшлар учун хизмат кўрсатишга шай. Мутасаддилар якунда ҳудуддаги бошқа спорт муассасаларини ҳам мана шундай замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш юзасидан уларнинг истакларини ўрганиш бўйича қўшимча тавсиялар беришди.