Равшан Ирматов ва Рўзиқул Бердиев қашқадарёлик ёшлар билан «Келажак ёшлари» футбол мусобақасида иштирок этишди
Қарши шаҳрида жойлашган «Геолог» спорт соғломлаштириш мажмуасида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда вилоят Ёшлар Ишлари агентилиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6099-сонли Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида «темир дафтар»га киритилган уюшмаган ёшлар ўртасида «Келажак ёшлари» футбол мусобақаси ўтказилди. Мазкур тадбирда МОҚ ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов бошчилигидаги мутасаддилар ҳам иштирок этишди.
Бу мусобақанинг аҳамиятли жиҳати шундан иборат бўлдики, Ўзбекистон фахри, футбол бўйича Жаҳон чемпионатларида бош ҳакамлик қилиш борасида рекордчи ҳисобланган Равшан Ирматов ҳам ёшлар билан биргаликда майдонда тўп тепди ва уларга ўзгача далда бағишлади.
Шунингдек, уюшмаган ёшлар ўртасида футбол шоуси тарзида ўтказилган мазкур мусобақада «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам иштирок этиб, уларга керакли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Кўтаринки руҳда ўтказилган футбол шоу мусобақасида иштирок этган жамоа ёшлари ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди.