Ишчи гуруҳ Паркент, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида
Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилояти бўйлаб олиб бораётган ўрганиш ишлари давом этади. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг бўлим бошлиғи Акром Низаметдинов соҳа мутахассислари билан ўтказган йиғилишдан сўнг қатор туманлардаги спорт объектларини кўздан кечиришди.
Мутасаддилар Паркент, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида бўлиб, у ерлардаги мавжуд инфратузилма билан танишишди. Ушбу ҳудудлардаги жамоавий, яккакураш, енгил атлетика, сузиш каби спорт турларига ихтисослашган спорт мактаблари эътибор марказида бўлди. Таъкидлаш ўринлики, жойлардаги барча муассасаларда ҳам моддий-техник база етарли эмас. Шу боис, мазкур йўналишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги белгилаб олинди.
Мутасаддилар ўрганиш ишлари давомида тўгаракларнинг фаолияти, уларга келаётган ўқувчиларнинг сони бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сон қарорига асосан олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишилди.