Сурхон полвони Абдулло Тангриевни табриклаймиз!
Бугун ўзбек дзюдосининг ёрқин вакилларидан бири, Пекин-2008 Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори Абдулло Тангриев таваллуд айёмини нишонламоқда.
Тангриев Абдулло Товашевич 1981 йил 28 март куни Сурхондарё вилоятида дунёга келган. Қаҳрамонимиз ўзи иштирок этган барча мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган. Унинг ҳисобида Осиё чемпионатларининг 5 та, Универсиада ўйинларининг 2 та олтин медали, Осиё ўйинларининг 1 та кумуш ва 2 та бронза медали мавжуд. Шунингдек, Тангриев 2011 йил мутлақ вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини, 2003, 2007 ва 2009 йиллар дунё биринчилигининг бронза медалларини қўлга киритган. 2008 йил эса Пекинда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида делегациямиз ҳисобига кумуш медални тақдим этган. Унинг ушбу юксак натижалари давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Абдулло Тангриевни туғилган куни билан қутлаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.