Ру En O'z
1 Май 2021 3272

“Токио-2020” Олимпия ва “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Туризм ва спорт вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов раислигида “Токио-2020” Олимпия ва Паралимпия, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, Вазирлар Маҳкамаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар раҳбарияти ва соҳага алоқадор бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этишди.

Тадбир аввалида МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Токио Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик хусусида гапириб ўтди.

“Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан яқинлашиб келаётган Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига катта тайёргарлик олиб борилмоқда. Давлатимиз томонидан спортчиларимизнинг керакли даражада шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. Терма жамоалардаги моддий-техник база янада яхшиланди. Ҳозир биз нафақат Токио-2020, баки цикли аллақачон бошланган Париж-2024 Олимпиадасига ҳам тайёргарлик олиб бормоқдамиз. Бу борада катта кўламли ишлар йўлга қўйилди. Спортчиларимизнинг тажрибаларини янада ошириш учун хорижий ўқув-машғулот йиғинлари сони сезиларли равишда ортди. Натижаларни эса атлетларимиз халқаро майдонда қўлга киритаётган муваффақиятлар замирида кўришимиз мумкин. Аммо шу билан бирга қиладиган ишларимиз ва ечимини кутаётган маслаларимиз ҳам талайгина. Токио-2020 Олимпиадаси стартига 82 кун вақт қолди. Бундан буёғига бор эътиборни ана шу жараёнга қаратишимиз, унда имкон қадар спортчиларимизнинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлашимиз зарур”, – деди МОҚ раиси.

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов кун тартибидаги мавзулар юзасидан фикр билдирди.

“Ҳукуматимиз томонидан Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлик масалалари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Тайёргарлик жараёнида спортчиларимизнинг халқаро ареналардаги иштироки, уларнинг Олимпиадага тайёргарлиги бўйича ажратилган маблағлар Рио-2016 Олимпиадасига солиштирганда 140 фоиздан катта кўрсаткични ташкил этмоқда. Қолаверса, терма жамоаларга 20 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар жалб қилинди. Ҳозирги кунда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига жами 57 та йўлланма қўлга киритилган бўлиб, 41 таси Олимпия ва 16 Паралимпия спорт турларига тўғри келади. Июль ойи охирига қадар яна 32 та Олимпия ва 21 та Паралимпия ўйинлари йўлланмаси режалаштирилган”, – деди Азиз Абдуҳакимов.

Йиғилиш давомида вилоят ҳокимлари ўринбосарларига йўлланма қўлга киритилиши кутилаётган спортчиларимизнинг оиласидан хабар олиш, шароитини чуқурроқ ўрганиш, жойларда паралимпия спорт турларига эътиборни янада кучайтириш, бу йўналишда фаол селекция сиёсатини юритиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, тадбир доирасида Олимпиада йўлланмалари Республикамиз вилоятлари кесимида кўриб чиқилди ва бунда бор йўғи биттадан лицензиатга эга бўлган Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги ҳолатга танқидий баҳо берилди.

Йиғилишда МОҚ раиси ўринбосарлари Сакен Полатов, Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, шунингдек, федерация ва ассоциациялар мутасаддилари Токио Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик, эришилган ютуқлар, кутилаётган лицензиялар қатори юзага келаётган муаммо ва камчиликлар ҳақида фикр билдиришди.

Тадбир давомида МОҚ Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик, селекция ишлари борасида ҳисобот берди.

Азиз Абдуҳакимов якуний сўз ўрнида Президентимиз бўлажак Олимпия ўйинларида атлетларимиздан юксак натижалар кутаётгани, профессионал спорт қатори оммавий спортни ҳам ривожлантириш каби масалаларга аҳамият бериш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Text to speech