Ру En O'z
1 Май 2021 2480

Олимпиячиларимизни эмлаш жараёнига тайёргарлик бошланди

МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов иштирокида терма жамоаларимиздаги эпидемиологик вазият назоратини янада кучайтириш, спорт турлари бўйича оммавийликни ошириш, асосий жамоага рақобатбардош кучли захира спортчиларини селекция қилиш, шунингдек, Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган жамоамизни вакцинацияга тайёрлаш каби масалаларга бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МОҚ қошидаги РСТИАМ директори Абдушукур Садиков, федерация ва ассоциациялар мутасаддилари ва МОҚ ходимлари иштирок этишди.

Учрашув давомида МОҚ раиси ўринбосари кун тартибидаги мавзулар ҳақида гапириб ўтди.

“Республика Олимпия захиралари коллежи спортимизнинг асосий захира маскани ҳисобланади. Шундай экан, у ерда билим олаётган ёшларимизга эътиборни кучайтириш, иқтидорли ўқувчиларни саралашга аҳамият бериш лозим. Шунингдек, ЎзДЖТСУ, Малака ошириш маркази билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаш керак бўлади. Ўзимиз фаолият олиб бораётган спорт йўналишида оммавийликни оширишга ҳам аҳамият қаратиш керак. Бу борада вилоятлар кесимида ҳар ой камида 1 маротаба йирик оммавий мусобақалар ташкил қилинсин. Қолаверса, йиғин олиб бораётган спортчиларимизнинг саломатлигини сақлаш, эпидемиологик назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чораларни кўрамиз”, – деди Шерзод Ташматов.

Йиғилиш кун тартибининг асосий мавзуларидан бири Олимпиадага тайёрланаётган спортчиларимизни эмлаш олдидан уларнинг ҳолатини ўрганиш, жамоа аъзоларидан қон таҳлилларини олиш масаласи бўлди. Бу бўйича Абдушукур Садиков 1 май санасидан бошлаб ишлаб чиқилган режани федерациялар мутасаддилари билан муҳокама қилиб олди. Унга кўра, бугундан гимнастика ва спорт курашлари бўйича терма жамоаларимиз вакилларидан (спортчи, мураббий, массажчи, шифокор ва бошқалар) чуқурлаштирилган қон таҳлиллари олинади.

Якунда йиғилишда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, соҳа мутасаддиларига топшириқлар белгиланди.

Text to speech