Ру En O'z
1 Май 2021 4161

Уюшмаган ёшларни спорт остида бирлаштирамиз

Бугун “Бунёдкор” стадионида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида оммавий спорт тадбирига старт берилди. Унда пойтахтимиздаги 12 туманининг профилактик, пробация ҳисобида турган ҳамда уюшмаган ёшлар мини-футбол, стол тенниси ва эстафета йўналишларида ғолиблик учун баҳс олиб боришмоқда.

Мусобақанинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов иштирок этишди. Мутасаддилар сўз навбатида Президентимиз томонидан ҳар бир қатламдаги ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратиб берилаётган шароитлар, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди.

«Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси муҳтарам Президентимиз илгари сураётган Миллий ғоя – Соғлом турмуш тарзини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини тарғиб қилиш, ушбу жараёнга ёшларни ҳам жалб қилиш борасида изчил ишларни давом этирмоқда. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, ҳусусан Тошкент шаҳар Бош бошқармаси томонидан ҳам оммавий спортни тарғиб қилиш, аҳоли саломатлиги ва хавсизлигини мустаҳкамлаш масаласида кўплаб амалий тадбирлар ташкил этиб келинаётганидан хурсандмиз. Президентимиз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, хавсизлиги йўлида олиб бораётган улкан хизматларингиздан миннатдормиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин!», – деди МОҚ раиси.

Регламентга кўра, бугун мусобақанинг саралаш баҳслари бўлиб ўтади. Эртага эса финал беллашувлари ва ёпилиш маросими ўтказилиши белгилаб қўйилган. Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақани ташкил этишдан мақсад жисмоний тарбия ва спортни аҳолимизнинг ҳар бир қатлами ўртасида тарғиб қилиш, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларида спорт билан шуғулланишларини ташкил этишдан иборатдир.

Text to speech