"Наврўз" спортимиз фахрийларига яшариш кайфиятини улашди
Умумхалқ байрамлар арафаси умрининг катта қисмини ўзбек спорти ривожига бахшида қилган фахрийларга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинади. Ушбу анъана давом этиб, спортимиз фидойилари иштирокида яқинлашиб келаётган “Наврўз” байрами муносабати билан учрашув ўтказилди.
Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Касаба уюшмалари федерацияси масъул вакили Баҳодир Тожиев, фахрийларимизни табриклаш учун МОҚда жам бўлишди.
Тадбир аввалида Баҳодир Махситов барчани кириб келаётган янгиланиш ва яшариш фасли билан муборакбод этиб, фахрийларимизнинг узоқ йиллик фидойи меҳнати учун уларга яна бир бор миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, вазирлик ва МОҚ раҳбарияти ҳам фахрийларимиз ҳамиша давлатимизнинг эътиборида экани, уларнинг бой тажрибаси, ҳозирги авлодга қолдирган мактаби эвазига ўзбек спорти мана шундай ютуқларга эришиб келаётганини таъкидлашди.
Шундан сўнг барча фахрийларга байрам совғалари ва пул мукофотлари тарқатилди.
Қайд этиш жоиз, тадбир давомида Ойбек Касимов куни кеча ўзининг юбилей 80 ёшини қарши олган спортнинг яккакураш турлари бўйича мутахассис, кўплаб шогирдларни етиштирган фахрий мураббий Омон Тоймуродовни қутлаб, унга МОҚнинг эсдалик медалини топширди. Шунингдек, яна бир қатор фахрийларга Касаба уюшмалари федерациясининг кўкрак нишонлари ҳам тақдим этилди.
Ўз навбатида, фахрийларимиз кўрсатилаётган бундай эҳтиром уларни янада руҳлантиргани, ҳозир ҳам ўзбек спорти ривожи учун хизмат қилишга тайёр эканликларини билдиришди.