Ру En O'z
16 Март 2023 1625

Алишер Алимов Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси лавозимига қайта сайланди

Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон самбо ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир кун тартибидан ассоциация раҳбариятининг сўнгги 4 йиллик фаолияти бўйича ҳисоботи, ташкилотга янги раиси ва Бош котиб сайлаш масалалари ўрин олди. Конференцияда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Халқаро самбо федерацияси (FIAS), Осиё-Океания самбо федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.  

Тадбирни Шаҳрулло Маҳмудов кириш сўзи билан очиб берди. Вазир ўринбосари самбо сўнгги йилларда юртимизда катта ўсишга эришгани, ёшлар орасида севимли спорт турларидан бирига айланиб бораётгани, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот соҳаси вакилларининг жанговар тайёргарлигини кучайтиришда катта ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлади. 

Шундан сўнг ассоциация раиси Алишер Алимов сўнгги 4 йиллик фаолияти бўйича ҳисоботини тақдим қилди. Унда ушбу даврда самбо билан шуғулланувчилар сони ортгани, юртимиздаги Олимпия ҳаракатида ўз ўрнига эга бўлаётгани, қолаверса, пойтахтимизда Осиё ва жаҳон чемпионатлари муваффақиятли ўтказилгани хусусида тўхталди. Ҳисобот делегат аъзолари томонидан қабул қилингач, кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. 

Унга кўра, ассоциация раислигига ташкилотнинг вилоят бўлимлари томонидан амалдаги раҳбар Алишер Алимов номзоди илгари сурилди ва бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа, Алишер Алимов навбатдаги муддатга Ўзбекистон самбо ассоциациясининг раиси этиб сайланди. Шунингдек, Роман Шакиров яна 4 йил давомида ассоциация Бош котиби вазифасини бажарадиган бўлди. 

Ўз навбатида, Алишер Алимов билдирилган ишонч учун ташаккур айтиб, келгусида ҳам ўзбек самбосини янада ривожлантириш, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги муваффақиятлари салмоғини ошириш, юртимиз спорти ривожига ҳисса қўшиш учун бор куч-ғайратини ишга солишини маълум қилди. 

Тадбир давомида FIAS президенти аппарати раҳбари Александр Корсик Ўзбекистон Халқаро самбо ассоциациясининг фаол аъзоларидан бири экани, келгусида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишдан мамнун бўлишини билдирди. Шунинг билан Ўзбекистон самбо ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech