Тошкентда ўтказилаётган кураш бўйича халқаро семинарга бағишланган анжуман ташкил этилди
12 март куни Тошкентда кураш бўйича “Халқаро мураббийлик семинари” бошланди. 22 мартга қадар давом этадиган ушбу курс тренерлик фаолияти билан шуғулланаётган мутахассислар учун “В” тоифасидаги сертификатларни тақдим этади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ушбу тадбирга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Халқаро кураш федерацияси (IKA) вице-президентлари Комил Рўзиев ва Шерзодхон Қудратхўжа, IKA, Халқаро кураш институти ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.
Тадбирнинг очилиш қисмида сўз олган расмийлар бу каби семинарлар бутун дунёда миллий курашимизнинг янада ривожланиши, мураббийлар ундан олган билимларидан Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида фойдаланишлари, Президентимиз томонидан кураш ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.
Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев семинар ҳақида батафсил маълумот берди. Унга кўра, курсларда 20 га яқин мамлакатдан 40 нафардан зиёд мутахассис таълим олмоқда. Семинар эркак ва аёл мураббийлар учун алоҳида тартибда ташкил этилиб, дастлаб назарий, сўнг амалий машғулотлар олиб борилади. Якунда имтиҳондан муваффақиятли ўтган мураббийларга “В” тоифасидаги сертификат топширилади.
Тадбир давомида кураш оммавийлигини бутун дунёда янада кучайтириш, мураббий ва ҳакамларнинг маҳоратини ошириш мақсадида бу каби семинарлар сонини кўпайтириш, кўпроқ халқаро мусобақалар ташкил қилиш каби йўналишларда атрофлича маълумот берилди.