“Дунёда қиличбозликни оммалаштириш, муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди
Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан сўнг Тошкентда қиличбозлик бўйича қитъалараро конференция бўлиб ўтди. “Hyatt” меҳмонхонасида ўтган тадбирда Осиё, Африка, Пан Америка қиличбозлик конфедерациялари мутасаддилари, шунингдек, мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, мамлакат қиличбозлик федерацияси раиси Мақсуд Абдусаматов иштирок этишди.
Конференция “Дунёда қиличбозликни оммалаштириш, муаммо ва ечимлар” мавзусида ташкил қилинди. Унда расмийларимиз мамлакатимизда қиличбозликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Президентимизнинг бу борадаги ислоҳотлари хусусида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, ҳар бир минтақа мутасаддилари ўз ҳудудларида қиличбозликнинг ривожи, оммалашуви, қолаверса, ечимини кутаётган бир қатор муаммолар хусусида гапириб ўтишди. Конференция якунида ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш, уларни керакли инвентарлар билан таъминлаш, мураббий ва ҳакамлар учун семинарлар ташкил этиш каби истиқболли режалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг Осиё чемпионати якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда қитъа биринчилигида муваффақиятли иштирок этган терма жамоамиз вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Анжуман давомида спортчиларимизнинг эришган ютуқлари, жорий йил терма жамоа олдига қўйилган режалар, жаҳон чемпионатига тайёргарлик каби мавзуларда қизғин савол-жавоблар бўлди. Эслатиб ўтамиз, 2-9 март кунлари ўтган мусобақада ўсмирларимиз умумжамоа ҳисобида иккинчи, ёшларимиз эса биринчи ўринни қўлга киритган эди.