Ру En O'z
7 Март 2023 1125

Эшкак эшувчиларимизнинг тайёргарлиги кўздан кечирилди

Айни кунларда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкент вилоятидаги Туябўғиз сув омборида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Бугун МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов спортчиларнинг машғулотини кузатиш учун терма жамоа базасига ташриф буюрди.

Эшкак эшувчиларимизни жорий йил лицензион жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақалар кутиб турибди. МОҚ раиси ўринбосари ўрганиш давомида мураббийлар штаби билан тайёргарлик режасининг бориши, атлетларга яратилган шароитлар, овқатлар рациони, машғулотлар графиги ҳақида атрофлича фикр алмашди.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг апрель ойида Самарқандда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида қитъа чемпионати бўлиб ўтади. Шерзод Ташматов ташриф давомида ушбу мусобақага ҳозирлик кўраётган ёш спортчиларимиз билан ҳам учрашиб, уларнинг кайфияти, тайёргарлиги ҳақида суҳбатлашди. Якунда мураббийлар штаби ва федерация мутасаддиларига тайёргарликни янада кучайтириш, терма жамоа учун барча зарур шароитларни яратиш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Text to speech