Тошкент “Катта дубулға” турнирининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
“Юнусобод спорт мажмуаси” мезбонлик қилаётган дзюдо бўйича Тошкент “Катта дубулға” турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда мусобақа иштирокчилари, шаҳримиз меҳмонлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Расмийлар номидан Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов сўзга чиқишди.
Ўз нутқида IJF президенти мамлакатимиз мазкур мусобақага юқори даражада тайёргарлик кўргани, дзюдочиларимизнинг халқаро майдонда улкан натижалар қўлга киритиб келаётгани хусусида тўхталди. Шунингдек, Одил Абдураҳмонов Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан мамлакатимизда дзюдо спортининг ривожи янги босқичга чиқаётгани ҳақида гапирди.
Шундан сўнг маросимни бадиий чиқиш ва куй-қўшиқлар якунлаб берди. Бироздан сўнг, соат 17:00 да мусобақанинг иккинчи кунидан ўрин олган финал блокига старт берилади.