Ру En O'z
3 Март 2023 1173

V Тошкент халқаро марафонининг иштирокчилари беш минг нафардан ортди

12 март куни V Тошкент халқаро марафони ва Республикамизнинг 14 ҳудудида ўтадиган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси олдидан матбоут анжумани ташкил этилди. Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг асосий ҳомийси “O’zbekneftgaz” АЖ офисида ўтган тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, федерация раиси ўринбосарлари Камолиддин Усмонов ва Андрей Абдувалиев, федерация Бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Ойбек Касимов марафоннинг аҳамияти хусусида тўхталар экан, бу каби мусобақалар мамлакатимизда Олимпизм тарғиботини кучайтириши, норматив бажарган атлетларга Париж-2024 йўлланмалари, юқори натижа қайд этган бошқа иштирокчиларга қимматли рейтинг очколарни тақдим этиши ҳақида тўхталди.

Федерация мутасаддилари мусобақага ташкилий томондан катта тайёргарлик кўрилаётгани, айни пайтгача барча йўналишларда 5000 мингдан ортдиқ иштирокчи рўйхатдан ўтгани ҳақида маълумот беришди. Пойга иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трасса бўйлаб тиббиёт пунктлари жойлаштирилади. Шунингдек, асосий тадбирдан бир кун олдин болаларни спортга янада қизиқтириш мақсадида “Kids run” пойгаси ўтказилиши маълум қилинди.

Анжуман давомида “Yugur” мобил иловаси тақдимоти бўлди. Унда рўйхатдан ўтган ҳар бир шахс кун давомида қанча масофани босиб ўтгани, югуриш вақтидаги натижаларини кузатиб бориши мумкин. Илова фаоллаштирилган бўлиб, барча мобил қурилмалар уни юклаб олиш имкониятига эга.

Анжуман давомида ОАВ иштирокчилари мусобақа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Эслатиб ўтамиз, марафон 12 март куни соат 08:00 да старт олади. Унда иштирокчилар 3 км, 10 км, ярим марафон ва марафон йўналишлари бўйича беллашишади.

Text to speech