Ру En O'z
3 Март 2023 1298

Хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилди

Бугун бир қатор хорижий компанияларнинг вакиллари мамлакатимиз билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди. Жаҳон спортида катта номга эга бўлган компаниялар билан ўтган учрашув ҳар икки томонда катта қизиқиш уйғотди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон хоккей федерацияси Бош котиби Шукурулло Каримов, Қишки спорт турлари ассоциацияси Ижрочи директори Хуршид Юнусов иштирок этишди.

Меҳмонларни Ойбек Касимов кутиб олди. Даставвал уларга ўзбек спортининг бой тарихи, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи ва Олимпизм ғояларини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, хусусан, қишки спорт турлари ривожига берилаётган эътибор ҳақида гапириб берди. Шундан сўнг “Марказий Осиёда туризм ва қишки спорт инфратузилмасининг бизнес имкониятлари” лойиҳаси асосида ташриф буюрган меҳмонлар ўз лойиҳалари билан батафсил таништиришди.

Делегациянинг барча аъзолари Европа компанияларининг мутасаддилари бўлиб, уларнинг ташкилотлари чанғи ва муз спорт турларида курорт масканлар қуриш ва уларни лойиҳалаштириш, спорт инвентарларини ишлаб чиқариш, мусобақалар ўтказиш учун майдонлар барпо этиш, объектлардаги кузатув камералари ва хавфсизлик тизими йўналишларида улкан ютуққа эришган. Айниқса, чанғига мослашган йўлларда туристларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган қурилма кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Учрашувда "Axess AG", "ENITED Business Events GmbH", "Fischer Sports GMBH", "ILF Consulting Engineers", "Gravity Cart GmbH", "PANOMAX GmbH", "Solkov GmbH", "Technoalpin Austria GmbH" компанияларининг тақдимоти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Якунда МОҚ Бош котиби бу лойиҳалар Ўзбекистон томонида катта қизиқиш уйғотгани, улар билан ҳамкорлик мамлакатимизда қишки спорт турлари, айниқса, спорт туризмини янада ривожлантиришга улкан ҳисса қўшишини билдирди.

Text to speech