Ишчи гуруҳ пойтахтда жойлашган спорт таълим муассасаларининг фаолияти ва ёшлар учун яратилган шароитларни ўрганди
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятининг ҳудудларда янги тизим асосида ишларни ташкил этиш ҳамда жойларда ёшлар билан ишлаш ва спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш жараёни давом этади. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ пойтахтимиздаги туманларни кўздан кечирди.
Мутасаддилар ўрганиш ишлари давомида Чилонзор, Яккасарой, Миробод туманларидаги ихтисослаштирилган спорт таълим муассасалари, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг фаолияти билан танишишди. Ҳар бир манзилда ишчи гуруҳга ўша ҳудуддаги ёшлар етакчиси ҳамроҳлик қилди. Маҳаллалардаги ёшларнинг спортга жалб қилинганлик ҳолати, улар учун фаолият юритаётган тўгараклар, бир сўз билан айтганда, ёшларни спорт билан қамраб олиш кўрсаткичлари батафсил ўрганилди.
Спорт мактабларининг услубчи ва мураббийлари билан суҳбатда болалар учун йўлга қўйилган дарслар жадвали, залларнинг инвентарлар билан таъминланганлик ҳолати кўздан кечирилди. Мутасаддилар тиббиёт бўлимларини ҳам назардан четда қолдирмади. Хусусан, ишчи гуруҳ раҳбари тиббиёт дафтарчаларини кўздан кечириб, мактаб шифокори ва ҳамшираси билан яратилган шароитлар бўйича суҳбатлашди. Ўрганиш ишлари якунида барча масъулларга иш фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.