Ру En O'z
1 Март 2023 1138

Қашқадарёдаги спорт инфратузилмаси мутасаддилар нигоҳида

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг буйруғига биноан ҳудудларда янги тизим асосида ишларни ташкил этиш ҳамда жойларда ёшлар билан ишлаш ва спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, мутасаддилар бу асосда  мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият олиб боришмоқда. Хусусан, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ходимлар айни пайтда Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. 

Мутасаддилар даставвал Қарши шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишишди. Ўқиш ва машғулотлар жараёнининг қай тарзда ташкил этилгани, муассасанинг моддий-техник базаси ўрганилди. Шунингдек, спортчиларнинг ётоқхонаси, улар учун берилаётган овқатлар рациони кўздан кечирилиб, керакли тасвиялар берилди. 

Қайд этиш жоиз, ушбу ҳудуддан кўплаб яккакураш усталари етишиб чиққан. Шу боис хизмат сафари давомида Яккакураш спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби ҳам эътибордан четда қолмади. Шерзод Ташматов вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси вакиллари билан суҳбатлашар экан, бу йўналишлардаги бой тажрибани янада кучайтириш юзасидан ўз фикрларини билдирди. 

Шунингдек, Қарши шаҳридаги енгил атлетикага ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳам ўрганилди. Сафар давомида мураббийлар малакасини ошириш, спортчиларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш, улар учун керакли шароитларни яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Text to speech