Ру En O'z
1 Март 2023 1819

«Дакар» раллиси лицензиати Анвар Эргашев Миллий автоспорт ва картинг федерацияси раиси этиб сайланди

Бугун МОҚда Ўзбекистон Миллий автомобиль клубининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ташкилот номини ўзгартириш, унинг раҳбарияти таркибини қайта шакллантириш каби масалалар кўриб чиқилди. Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири маслаҳатчиси Аваз Каримов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, соҳа мутасаддилари иштирок этишди.

Кун тартибидаги дастлабки масалага мувофиқ, ташкилотнинг Ўзбекистон Миллий автомобиль клуби номи Ўзбекистон Миллий автоспорт ва картинг федерациясига ўзгартирилди. Шундан сўнг ташкилотга янги раис сайланди. Унда автоспорт оламида улкан тажрибага эга бўлган пойгачи Анвар Абдумажитович Эргашев номзоди илгари сурилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Ойбек Касимов ташкилот раҳбари ҳақида фикр билдирар экан, ушбу спорт тури ёшларимиз орасида катта қизиқишга сабаб бўлаётгани, улкан тажрибага эга мутахассиснинг саъй-ҳаракатлари билан келгусида халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган янги номлар етишиб чиқишига умид билдирди. Шунингдек, Аваз Каримов ҳам Анвар Эргашевнинг келгусидаги фаолиятига омад тилади.

Ўз навбатида, Анвар Абдумажитович билдирилган ишончни оқлашга, ушбу спорт оммавийлигини ошириш учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишга ваъда берди. Маълумот учун, Анвар Эргашев 1973 йил таваллуд топган. Ралли ва автокросс бўйича кўп карра мамлакат чемпиони, бир қатор халқаро мусобақалар ғолиби, Жаҳон кубоги босқичлари иштирокчиси. Шунингдек, у ўзбекистонлик пойгачилар орасида "Дакар" раллисида иштирок этиш (2022) лицензиясига эга бўлган илк спортчи ҳисобланади.

Тадбирда Алексей Цой ташкилот Бош котиби лавозимига сайланди. Шунингдек, Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров бошчилигидаги федерация кенгаши таркиби шакллантирилди. Шунинг билан, ташкилотнинг ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech