Март ойининг биринчи ярмида пойтахтимизда ўтадиган халқаро турнирларга тайёргарлик юзасидан йиғилиш ўтказилди
1 март куни Тошкент ва Фарғона стадионларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги, 2-9 март кунлари пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт мажмуасида қиличбозлик бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионати, 3-5 март кунлари “Юнусобод спорт мажмуаси”да дзюдо бўйича “Париж-2024” Олимпиадасига рейтинг очколари тақдим этадиган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи турнир, 12 март куни эса V Тошкент халқаро марафони бўлиб ўтади. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида қиличбозлик ва дзюдо бўйича нуфузли турнирларга кўрилаётган тайёргарлик юзасидан ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.
Вазир Адҳам Икрамов бошчилик қилган йиғилишда МОҚ раҳбарияти, мамлакат қиличбозлик ва дзюдо федерациялари мутасаддилари иштирок этишди. Федерацияларнинг масъуллари даставвал мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, ечимини кутаётган масалалар юзасидан ахборот тақдим этишди. Ёшлар сиёсати ва спорт вазири халқаро мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ ҳар бир ҳолат бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.
Йиғилишда таъкидланишича, қиличбозлик мусобақаларида иштирок этиш учун қитъанинг 38 давлатидан 700 дан зиёд, дзюдо турнирига эса 51 давлатдан 400 га яқин хорижлик спортчилар, ҳакам ва мураббийлар, халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар, чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари юртимизга келмоқда. Ушбу мусобақаларда минглаб хорижлик меҳмонларнинг иштирок этиши Ўзбекистон қисқа фурсатда халқаро спорт мусобақалари марказига, қолаверса, спорт туризми ривожланган давлатлардан бирига айланаётганидан далолатдир.
Йиғилишда мазкур спорт тадбирларида қатнашиш учун Ўзбекистонга келаётган чет эллик спорт делегацияларининг жойлашуви, уларнинг хавфсизлиги, саломатлигини муҳофаза қилиш, мамлакатимизнинг тарихий ва замонавий масканларини зиёрат қилиши учун зарур шароитларни яратиш, шунингдек, мусобақаларнинг расмий тадбирларига ҳозирлик кўриш каби қатор масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Тегишли ташкилотларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.