Ру En O'z
27 Февраль 2023 1107

Таэквондо бўйича терма жамоамизда хорижлик шифокор иш бошламоқда

Жорий йил кутиб турган масъулияти мусобақаларда юқори натижаларни қайд этишни ният қилган Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси терма жамоага украиналик шифокор Алексей Черневни жалб қилди. Бугун мутахассис МОҚ раҳбарияти билан дастлабки режаларни муҳокама қилиб олди. 

Учрашувда Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов, МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Камол Сирожитдинов, терма жамоа бош мураббийи Павел Хан иштирок этишди. 

Қайд этиш жоиз, Алексей Чернев ўзбек спорти учун бегона эмас. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнида Чернев ва унинг яна бир ҳамкасби спортчиларимизнинг мусобақага тайёргарлик кўришида ёрдам берган. Шерзод Ташматов суҳбат давомида спортчиларимизни жорий йил ўтадиган жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақалар кутиб тургани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бу мусобақаларга тайёргарлик учун мураббийлар штаби билан ишлаб чиқилган режа ҳақида батафсил тўхталди. 

Ўз навбатида, украиналик мутахассис ўзбек спортининг потенциали ҳақида ижобий фикр билдириб, терма жамоамизда ишлашдан мамнун эканини таъкидлади. Шунингдек, суҳбат давомида тажрибали мутахассиснинг малакаларидан бошқа спорт турларидаги терма жамоаларда ҳам фойдаланиш, Марказ билан доимий ҳамкорликда ишлаш бўйича фикр алмашилди.

Text to speech