Ру En O'z
26 Февраль 2023 1437

Тошкент Осиё от спорти федерациясининг Бош Ассамблеясини қабул қилади

Осиё от спорти федерациясининг (ООСФ) Қатардаги Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтди. Ташкилотга аъзо 35 мамлакат миллий федерациялари иштирокида кечган тадбирда жорий йил ўтадиган Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, ушбу мусобақаларга отларни хавфсиз юбориш каби масалалар, шунингдек, 2024 йил бўлиб ўтадиган ООСФнинг навбатдаги Бош Ассамблеяси мезбонини аниқлаш масаласи кўриб чиқилди. Тадбирда мамлакатимиз номидан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ҳамда федерация Бош котиби Нодир Ибрагимов иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, ООСФнинг келгуси Бош Ассамблеясида ташкилот президентлиги ва унинг ўринбосари лавозимларига сайлов бўлади. Шу боис унга бўлган эътибор юқори. Оман, Қувайт ва Ўзбекистон мамлакатлари келгуси Бош Ассамблея мезбонлиги учун рақобатлашди. Якуний қарор қабул қилинишида спортнинг ушбу турида чавандозларимиз халқаро майдонда эришаётган натижалар, Тошкентнинг сўнгги даврда нуфузли халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказгани инобатга олиниб, Бош Ассамблея мезбонлиги пойтахтимизга берилди.

Париж-2024 Олимпия ўйинлари олдидан ташкил этиладиган мазкур тадбир мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Text to speech