Ру En O'z
22 Февраль 2023 1487

Ўзбек футболи фахрийси Сайфиддин Ирматов 70 ёшда!

Бугун ўзбек футболида ўзига хос ўринга эга бўлган инсон, кўплаб ҳакамлар ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаган мураббий Сайфиддин Ирматов юбилей 70 ёшни қарши олмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ўтган тадбирда футбол фахрийси муносиб тақдирланди. Унда МОҚ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА), Спорт фахрийлари кенгаши раҳбарияти иштирок этишди.

Тадбирни Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов очиб берар экан, Сайфиддин Газиевичнинг ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталди. У етиштирган шогирдлар, мураббийлик ва ҳакамлик фаолияти ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Шунингдек, ЎФА, Касаба уюшмаларининг жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддилари ҳам кун қаҳрамонини юбилей айём билан қутлаб, эсдалик совғаларини тақдим қилишди. Ўз навбатида, Сайфиддин Ирматов кўрсатилган эътибор ва бундай ғамхўрликдан мамнун бўлганини, бундан кейин ҳам юртимиз футболи ривожи учун қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

Маълумот учун, Сайфиддин Газиевич Ирматов 1953 йил 22 февраль куни Тошкентда таваллуд топган. Болалигидан футболга меҳр қўйиб, миллионлар ўйини билан шуғулланиб келган. Жумладан, ёшлик даврларида “Пахтакор”, “Спартак” ва “Автомобилчи” жамоаларида тўп тепган. Шундан сўнг Сайфиддин Газиевич “Пахтакор” болалар-ўсмирлар спорт мактаби ва халқ орасида “Чиғатой” номи билан машҳур бўлган футбол бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактабида ёш болаларга футболдан сабоқ берган. Кейинчалик футбол ҳаками ва инспектори сифатида самарали меҳнат қилган.

Сайфиддин ака фаолияти давомида кўплаб истеъдодли ёш ҳакамларни тарбиялашда катта ҳисса қўшган. Шогирдлари орасида ФИФА рефериси, футбол мундиалларини бошқариш бўйича жаҳоннинг мутлақ рекордчиси Равшан Ирматов, шунингдек, Абдуҳамидулло Расулов каби таниқли ҳакамларни учратиш мумкин. Шунингдек, таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушельницкий, Юрий Никитов каби иқтидорларни жамлаган 1982 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи бўлган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Сайфиддин Ирматовни туғилган куни билан табриклаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилайди.

Text to speech