Гимнастикачиларимиз Жаҳон кубогининг биринчи босқичига йўл олишди
Спорт гимнастикаси бўйича янги мавсум бошланмоқда. Германиянинг Котбус шаҳри 23-26 февраль кунлари Жаҳон кубогининг биринчи босқичига мезбонлик қилади.
Бугун мазкур турнирда иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси Германияга йўл олди. Беллашувларда Оксана Чусоватина, Дилдора Арипова, Абдулла Азимов, Абдулазиз Мирвалиев ва Равшан Комилжонов юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Қайд этиш жоиз, мураббийлар штаби бундан кейин Қатарда ўтадиган иккинчи босқичга ҳам ушбу таркибни танлаб олган. Ҳозирча Озарбайжон ва Мисрда ўтадиган якуний босқич ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Бироқ ҳар бир иштирокчида кузда Бельгияда ўтадиган дунё биринчилигига йўлланма олиш учун етарлича имконият мавжуд. Эслатиб ўтамиз, Европадаги жаҳон чемпионатида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналади.