Ру En O'z
19 Февраль 2023 1950

Уч федерация раҳбарияти таркибида ўзгариш

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, замонавий бешкураш ва поло федерацияларининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирни ҳар уч ташкилотга раҳбарлик қилаётган Баҳромжон Газиев олиб борди. Унда шунингдек, мазкур федерациялар мутасаддилари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, спорт фидойилари, ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни очиб берар экан, Баҳромжон Газиев жорий йил спортчиларимизни муҳим мусобақалар кутиб турганини, шу боис, уларга муносиб тайёргарлик кўришда алоҳида ёндашув талаб этилишини таъкидлади. Атлетларимизнинг сўнгги даврда қўлга киритаётган ютуқлари давлатимиз томонидан спорт ривожига қаратилаётган улкан эътибор самараси экани ҳақида тўхталди. 

Шундан сўнг, кун тартибидан ўрин олган масалаларга ўтилди. Даставвал, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раисига ўринбосарлар сайланди. Унга кўра, Шавкат Султонов (“Art Vernissage” МЧЖ директори) ва Виктория Александрина (от спорти бўйича россиялик мутахассис) номзодлари бир овоздан ушбу лавозимга маъқулланди. Бундан ташқари, Санжар Қурбонов (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси от спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари) замонавий бешкураш федерацияси бош котиби, Акмал Эргашев (“Mega Logistics Service” МЧЖ таъсисчиси) ҳамда Абдулҳамид Абдуваҳобов (“Al-Hadaya” МЧЖ раҳбари) эса раис ўринбосари, Мирзиёд Мажидий (Тошкент халқаро Вестминстер университети департамент бошлиғи) поло федерацияси бош котиби, Рустам Ҳакимов ва Марат Ҳамдамов ( ҳар иккими ҳам “Star House” қурилиш компанияси таъсисчилари) ушбу федерация раиси ўринбосари лавозимига сайланишди.

Тадбир якунида мамлакатимизда мазкур спорт турларининг оммавийлигини янада ошириш, Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан фикр алмашилди. Тадбир иштирокчилар ҳар бир федерация раҳбарияти таркибига сайланган мутасаддиларнинг янги ишига омад тилашди.

Text to speech