Ру En O'z
18 Февраль 2023 3198

Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбариятининг таркиби қайта шакллантирилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерация раҳбарияти таркибини қайта шакллантириш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Федерация мутасаддилари ва унинг ҳудудий вакиллари, спорт фахрийлари иштирок этишди.

Конференцияни Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб берар экан, волейболнинг нафақат профессионал, балки оммавий спортда ҳам тутган ўрни хусусида гапирди. Ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун имкониятлар кўплиги, ҳар бир таълим даргоҳлари ва маҳаллаларда спорт майдонларининг мавжудлиги унинг оммавийлигини оширишда ёрдам беришини, олдинда катта вазифалар кутиб тургани хусусида тўхталди. Шунингдек, Ижроия қўмитаси томонидан федерация раиси лавозимига номзоди илгари сурилган Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳақида ҳам илиқ фикрларини билдириб ўтди.

Даставвал, бошқа ишга ўтгани сабабли Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Абдуқодир Тошқуловнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қаноатлантирилди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Бобожонов Пўлат Раззоқовичнинг номзоди Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Пўлат Бобожонов Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси этиб сайланди.

Маълумот учун, Бобожонов Пўлат Раззоқович 1961 йил Хоразм вилоятида туғилган. Узоқ йиллардан бери ҳуқуқ-тартибот соҳасида, хусусан, Бухоро ва Жиззах вилоятлари прокурори, Хоразм вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритяпти.

Тадбирда сўз олганлар федерациянинг янги раҳбарига мамлакатимизда волейбол спорти ривожини янги даражага олиб чиқиш, терма жамоаларимизни нафақат юртимиз, балки жаҳонда етакчилар қаторига қўшиш йўлидаги ишларида куч-ғайрат тилашди. Хусусан, Адҳам Икрамов янги раҳбарнинг бой тажрибаси ва салоҳияти эвазига федерация иши янада жонланиши, қўшимча имкониятлар яратилиши, яқин вақт ичида мамлакатимизда ушбу спорт оммавийлигининг ошишига ишонишини таъкидлади.

Ўз ўрнида, Пўлат Бобожонов билдирилган ишончни оқлашга, волейбол спортини мамлакатимизда янада оммалаштириш, спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб беришга ваъда берди. Пўлат Раззоқович ушбу спорт турини яқиндан ўрганиб чиққани, бугунги кунда терма жамоамизнинг жаҳон ва Осиё рейтингида қуйи поғоналарни эгаллаб тургани Ўзбекистонга мутлақо ярашмаслигини таъкидлади. Бунинг учун келгусида терма жамоаларнинг халқаро майдондаги иштирокини кўпайтириш, ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш орқали ушбу кўрсаткичлар яхшиланишини маълум қилди.

Кун тартибига мувофиқ, Ички ишлар вазири ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев федерация раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Шунингдек, Фарҳод Алимовга 3 ой синов муддати билан федерация Бош котиби вазифасини вақтинча бажариш ваколати юклатилди.

Тадбир давомида айни пайтдаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилиб, дастлабки режалар келишиб олинди. Шунинг билан, Ўзбекистон волейбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech